Тукимачилик корхоналари билан кооперация алокалари кенгайтирилади
“Ўзтўқимачиликсаноати” уюшмаси раиси И. Ҳайдаров Наманган вилоятидаги тадбиркорлар билан учрашув чоғида “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раиси М.Юнусов билан вентиляция тизимларини тўқимачилик саноати корхоналарига етказиб бериш бўйича кооперация алоқаларини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Мулоқот айнан йирик ишлаб чиқариш объектларидан бири ҳисобланган «VEN-CON AIR ENGINEERING» хусусий корхонасида амалга оширилди.
Нега ушбу объект имкониятларига эътибор қаратилди? Маълумки, республикамизда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналарида ҳаво алмаштириш тизими муҳим ҳисобланади. Нафақат Наманган вилояти, балки водийнинг ўзида ҳам тўқимачилик саноати билан шуғулланувчи корхоналар сони деярли кўп, демак вентиляция тизимига бўлган талаб ва эҳтиёж ҳам шунга яраша. Наманган шаҳрида фаолият юритаётган «VEN-CON AIR ENGINEERING» хусусий корхонаси қарийб 25 йилдан бери респбликадаги барча саноат корхоналарига ҳаво алмаштириш ва аспирация тизими учун жиҳоз ва ускуналар ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келади.
Мазкур корхонада нафақат ишлаб чиқариш, балки уни тайёрлашдан тортиб, ўрнатишгача бўлган жараённи ўз ичига олади. Қарийб 3,88 Га майдонни эгаллаган бу ишлаб чиқариш корхонаси бугунги кунда 41 та саноат корхоналарининг доимий ҳамкори ҳисобланади. Улар орасида асосан тўқимачилик саноати корхоналари етакчилик қилади.
Ушбу талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, бу тизимда импортни бир неча баробарга камайтириш мақсадида ҳам “Ўзтўқимачиликсаноати” уюшмаси раиси И. Ҳайдаров билан электротехника саноати корхоналари ўртасида кооперация алоқаларини янги босқичга кўтариш имкониятлари муҳокама марказида бўлди. Бозордаги талаб ўрганилган, нарх-наво масаласида ҳам муаммолар йўқ. Шартномалар имзоланяпти. Ишлаб чиқариш корхоналари эса бунга тайёр. Кооперация алоқаларини кенгайтириш йўналишида давлат кафолатлари ҳам қонун билан мустаҳкамланган.
«VEN-KON AIR ENGINEERING» корхонасида бугун ўқли вентиляторлар (вентилятор осевой), технологик махсус вентилятор, яъни чангютувчи ва момиқларни ташувчи, радиал вентиляторлар, паст босимли вентилятор, ҳаво тозаловчи фильтрлар, ҳавони намлаш ускуналари – климоцентр ишлаб чиқариш баробарида металлга ишлов бериш ва пресслаш ускуналар парки ҳам мавжуд.
Корхонада 2011 йилда O`ZDstISO 9001-2009 Халқаро стандарт талаблари асосида Сифат менежменти тизими(CMT) жорий этилган ва 2014, 2017 йилларда рессертификация – такрорий сертификатланган. Ишлаб чиқарилган махсулотлар сифатини Дунё стандарти талабларига етказиш максадида янги замонавий технологик ускуналар сотиб олинган.
– Ҳозирги пайтда вентиляция жиҳозлари ва ускуналарини ишлаб чиқаришда ярим автомат ва автоматик тизимини йўлга қўйиш мақсад килиб қўйилган ва бу борада иш олиб борилмокда, – дейди корхона раҳбари А.Худойбердиев. – Натижада сифатли ва замонавий дизайнга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга эришилади. Корхонамиз йилига 2 400 тонна металлдан маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Юқори малакали мутахассисларимиз томонидан республиканинг 100 дан ортиқ саноат корхоналарида хаво алмаштириш ва намлаш тизимини татбиқ этишган.
Ушбу корхона билан тўқимачилик саноати корхоналари ўртасида кооперация алоқаларининг кенгайиши, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш баробарида таннархнинг тушишига, рақобатбардош маҳсулотлари турининг кенгайишига ва ишлаб чиқариш имкониятлари янада ортига олиб келади.
Бобур Каримов
-
Адрес электронной почты защищен от спам-ботов. Для просмотра адреса в браузере должен быть включен Javascript.